Кўп бериладиган саволларга жавоблар

КЎП БЕРИЛАДИГАН САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР

- Мен яшаётган квартирадан ўтган совуқ сув қувурини ўз хисобимдан алмаштирдим. Ширкат мен қилган сарф-харажатларни коммунал хизмат тўловларига ўтказишни истамаяпти. Сиз қандай маслахат берасиз. 

Сиз аввалом бор эски сув қувурларини алмаштиришингиз ҳақида ширкат билан келишиб олишингиз, кейин таъмирлаш ишлар охирида қилинган ишларни ҳужжатлаштириш уларга тақдим этишингиз лозим эди. Шунингдек хужжатга қувурларни сотиб олганлигингиз ва бажарилган ишлар учун тўлаган пулингизни тасдиқловчи чекни илова қилинади. "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 30–моддасида айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

- Юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш юзасидан аризаларни кўриб чиқиш тартибини тушунтиринг? 

Транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йил 26-майдаги 256-сонли қарори асосида амалга оширилади.
ЙҲХХ органларида юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари эгаси корхона ёки ташкилотнинг ёзма аризаси фуқаролар учун шахсий паспорт ёки унинг ўрнига берилган ҳужжат, транспорт воситасини қонуний сотиб олинганлигини, рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.
Юридик шахслар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этадилар.
Транспорт воситалари уларни қайд этишдан олдин ҳудудий мудофаа ишлари бўйича бўлимларда рўйхатдан ўтказилади ёки рўйхатдан чиқарилади.
Янги ташкил этилган ташкилот ва корхоналарни автохўжаликларни рўйхатдан ўтказиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш учун етарли жой майдони (гараж, автосарой) мавжудлиги ёки бундай жой ижарага олинганлиги ҳақидаги шартномадан нусха, ҳудудий ЙҲХХ органи томонидан шу жойнинг кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги далолатнома тақдим этилади.
Транспорт воситалари ушбу ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказилади:
Транспорт воситаларининг турар-жой ёки эгасининг яшаш жойи ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
• белгиланган тартибда ариза;
• техник ҳужжат (қайд этиш гувоҳномаси, техник паспорт, техник талон);
• корхона ва ташкилотлар транспорт воситаларининг турган ўрни ўзгаришига асос бўлган ҳужжат (буйруқ, ижара шартномаси, ҳокимлик қарори);
• транспортларнинг турган ўрнини ҳудудлардаги ЙҲХБ органлари томонидан кўрикдан ўтказганлиги ҳақидаги далолатнома;
• Ташкилотнинг номи, эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
• белгиланган тартибда ариза;
• исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (буйруқ, фармойиш, қарор);
• фуқаролар учун шахсий паспорт, фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик ҳолатини далолатномаларини қайд этиш органи ёки суд органи томонидан берилган ҳужжат).
Эгаси ўзгарганда, қуйидаги ҳужжатлар асосида:
• белгиланган тартибда ариза;
• нотариал идоралари томонидан берилган олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномалари, ворислик, мерос ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар;
• суд қарори;
• Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси идоралари томонидан берилган ордер;
• четдан келтирилган ва божхона назорати остида турган транспорт воситалари учун божхона идораси томонидан бериладиган махсус гувоҳнома.

- Хорижий фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш қандай тартиб асосида амалга оширилади? 

Хорижий фуқароларни Ўзбекистон олий таълим муассасаларига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2008 йил 4 августдаги 169-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Хорижий фуқароларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган муддатларда яъни бакалавриатга кириш учун 20 июндан 20 июлга қадар, магистратурага кириш учун 1 июлдан 30 июлга қадар қабул қилинади. Ўрнатилган тартибга биноан хорижий фуқаролар ҳужжатларини тегишли олий таълим муассасасининг Қабул комиссиясига тўғридан-тўғри топширишлари керак.
Хорижий фуқаролар бакалавриатга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 1 август куни ўтказиладиган тест синовлари натижалари асосида қабул қилинадилар. Магистратурага эса олий таълим муассасалари томонидан мустақил равишда таҳминан 1-10 август оралиғида ташкил этиладиган кириш имтиҳонлари натижаси асосида қабул қилинадилар.
Хорижий фуқароларни талабалар сафига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори асосида тест синовлари (бакалавриат учун) ёки кириш имтиҳонлари (магистратура учун) натижаларига кўра амалга оширилади.

- Илтимос, шу йил март ойидан кучга кирган ЙҲҚнинг автомобиль ойналаридаги пардаларга тегишли бўлимини тушунтириб берсангиз. Нима мумкин ва нима мумкин эмас? 

2016 йил 1 мартдан бошлаб кучга кирган Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ М1 тоифасидаги автотранспорт воситаларида, яъни йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ошмайдиган автотранспорт воситаларининг орқа ойналарида жалюза ва пардага рухсат берилади. Йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т дан кўп бўлган, конструкцияси фақат ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган III класснинг М3 тоифасидаги автотранспорт воситаларининг ён ва орқа ойналарида пардаларнинг мавжуд бўлишига йўл қўйилади. Бу ҳолатларда икки тарафда орқани кўриш кўзгуларининг бўлиши мажбурий шарт ҳисобланади. Шундай қилиб, енгил автомобилларнинг орқа ойналарига жалюза ва пардалар осиш мумкин, ён ойналарга парда осишга эса фақат, олайлик, экскурсия автобусларида йўл қўйилади.

- Бугунги халқаро вазият ва давр талабидан келиб чиққан ҳолда республикамиз иқтисодиёт тармоқларининг диверсификация қилиниши, юқори технологияли замонавий ишлаб чиқариш лойиҳаларининг амалиётга изчил жорий этилишига мос равишда бандлик соҳасидаги меъёрий ҳужжатларнинг такомиллашуви ҳақида сўзлаб берсангиз. 

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда қабул қилинган бир қатор меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кўплаб солиқ имтиёзлари яратилмоқда, янги иш ўринлари ташкил этиш, ишчиларни ёллаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартиб-тамойиллари енгиллаштирилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш тартиби ва меъёрлари ҳамда уларга қўлланиладиган имтиёзлар ўрнатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига кўра, 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб, қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, озиқ-овқат саноати кичик корхоналарида ходимларнинг чекланган сони йилига ўрта ҳисобда икки бараварга (200 кишига) оширилди. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб эса, микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан республиканинг касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда, банд ходимларнинг ўртача йиллик сони нормативдан кўпи билан 50 фоизга оширилган ҳолларда, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун назарда тутилган имтиёзлар, кафолатлар ва ҳуқуқлар уларда сақланиб қоладиган бўлди.
Буларнинг барчаси, авваламбор, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг касб-ҳунар ўрганиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.


- Агар жой мулкдори умумий мол-мулкига кўрсатилаётган хизматдан қониқмаса мажбурий бадалларни тўламасликга ҳуқуқи борми? 

Йўқ, агарда мулкдор уйга кўрсатилаётган хизматдан қониқмаса, у бу масалани ширкатнинг бошқарувини, бошқарув раисини сайлаш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ваколатига эга ширкат аъзолари умумий йиғилишига киритиши керак.


- Алоҳида уйнинг турар жой мулкдори ширкати таркибидан чиқса ушбу уйга ширкат маблағларидан улуш бериладими? 

Ҳа, бу уйнинг турар-жой мулкдорларидан таъмирлашга йиғилган маблағлардан берилади. Агарда алоҳида кўп квартирали уй турар жой мулкдорлари Ширкат таркибидан чиққан тақдирда турар жой мулкдорлари томонидан ушбу уйни мукаммал таъмирлаш учун тўплаган мақсадли жамғармаси ҳисобига шаклланадиган пул маблағлари белгиланган тартибда янги тузилаётган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига берилиши керак.

- Иккинчи қаватдаги қўшниларимиз балконни кенгайтиришди ва энди у ойнамиз тепасида хавф солиб турибди. Квартирага ёруғлик камроқ тушадиган бўлди, бундан ташқари, бизни бир савол ўйлантиради: балконнинг конструкцияси нечоғлик мустаҳкам? Қонун нуқтаи назаридан уларнинг ҳаракатларига йўл қўйиладими? 

Даставвал, балконнинг майдони айнан қанчага кенгайтирилганлигини тушуниб олиш керак. Агар бу чиқариб ойна солиш, гуллар учун токчалар ёки балконни ташқари томондан қоплаб иссиқ қилиш ҳисобига 25-30 см га кенгайтириш бўлса, балкон майдонини бундай кенгайтиришда муаммо бўлмайди. Кўриб чиқилаётган ҳолатда объектнинг ҳажми ва майдони ўзгартирилишини кўзда тутадиган объектни реконструкция қилиш ҳолати мавжуд. Бунинг учун Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомга1 мувофиқ чекланмаган амал қилиш муддатига бериладиган рухсатномани олиш лозим. Шунинг учун, қўшниларнинг рухсатномаси бўлган тақдирда уларнинг ҳаракатлари қонуний бўлади. Агар рухсатнома бўлмаса бу шаҳарсозлик қоидаларини бузиш ҳисобланада ҳамда сиз даъво билан судга ёки шикоят билан Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига ва туман (шаҳар)лар архитектура ва қурилиш бўлимларига мурожаат қилишингиз мумкин.

 


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK Июнь 28, 2022 - Автор: Umida Nurmetova