Бош саҳифа RSS

Туман ҳақида маълумот

ЯНГИБОЗОР ТУМАНИНИНГ ТАРИХИЙ ГЕОГРАФИК ЖОЙЛАШУВИ

ЯНГИБОЗОР ТУМАНИНИНГ ТАРИХИЙ ГЕОГРАФИК ЖОЙЛАШУВИ

 

Янгибозор - Хоразм вилоятининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган туман бўлиб, ҳудуди 34,3км.кв.дан иборат. Табиий географик жойлашувига кўра ғарб томондан Гурлан, жанубий-ғарб томондан Шовот, шарқ ва жанубий шарқ томондан Урганч туманлари, шимолда Амударё орқали Қорақалпоғистон Республикаси билан чегарадош. Янгибозор тумани вилоят маркази Урганч шаҳридан 16 км.узоқликда жойлашган.Туман аҳолиси  89,0 минг кишини ташкил қилиб, дўстона ва аҳил яшаётган ўзбек, туркман, қозоқ, қорақалпоқ, татар, корейс, украин ва бошқа миллатлардан иборат.

Туманнинг географик  кенглиги  41 даража, 30 дақиқа, денгиз  сатҳидан  баландлиги  110 м. бўлиб,  иқлими  кескин  континетал, йиллик  ўртача  ҳарорат  11, июль  ҳарорати  26-28, январники  6  даража, ёғини  80-90 мм. Ўсимликларнинг  вегетация  даври  180-200 кун, максимал  ва  минимал  ҳароратлар  орасидаги  фарқ  78 га тенг. Туман  ҳудудининг  қумлар  билан  ўралганлиги  сабабли  ёз кунлари  ҳарорат  43-45 даражага  кўтарилади. Қиш  фаслида  энг  паст  ҳарорат -30-33ни ташкил этади. Бу ерда ёзнинг иссиқ, қишнинг  совуқ   келиши  об-ҳавонинг  сутка  давомида  кескин  ўзгариши, ёғин  сочиннинг  камлиги, ҳавонинг қуруқлиги  туман  иқлимининг асосий хусусиятларидир. Тупроғи Қиётқўнғирот ариғидан Шимолий Дарёлиқ массивида ва жанубда - Девонкўл массивида оғир сўға, бўз тупроқдан иборат.

 Қилич Ниёзбой, Ёрмиш, Шовот каналларидан сув оладиган Уйғур, Дўрмон, Ҳайват, Қиётқўнғирот, Дарёлиқ ва унинг шахобчалари суғоришда муҳим аҳамиятга эга.

Таниқли давлат арбоби Маркс Жуманиёзов ўзининг “Эсимда қолган онлар”(“Мусиқа”нашриёти, 12-бет. Тошкент-2008 йил) мемуарида: “Хоразм ерларида шарқдан ғарбга, жанубдан шимолга қараб, ҳар километрда 12-15 см.қиялик бор. Агар каналнинг бошини 10 км. юқоридан олсангиз, сизнинг ерингизга 1-1,5 м.баландликда сув келади. Шунинг учун ариқлар каналнинг юқори қисмидан олинган ва барчанинг ери сув билан таъминланган. Деҳқончилик учун яхши шароит яратилиб, юқори ҳосил олинган. Кўлларнинг аҳамияти катта бўлиб, бу кўлларга сизот сувлар оқиб, тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб турган”, -дея ҳудуднинг географик ҳолатига баҳо берган .

Янгибозор тумани ҳудудида табиий кўллар кўп бўлиб, ернинг табиий иқлим шароитини яхшилаш, ҳамда ҳосилдорлик даражасини кўтаришда уларнинг аҳамияти катта. Бундан ташқари кўллардан кишилар чорва молларини боқиш ва балиқ овлашда фойдаланганлар. Шунингдек, ўтмишда кўллардаги қамиш ва еканларидан чипта-бўйра тўқишда, турар жойларнинг лой-пахсаларини заҳдан сақлаш учун пойдевор остига қўйиб, ҳамда томларни бостиришда ҳам ишлатишган. Туман қишлоқларида “Олтинкўл”, “Маллакўл”, “Ўйкўл”, “Бойкўл”, “Дивонкўл”, “Даҳакўл” сингари кўлларнинг кўплиги табиат ва экологик мувозанатнинг юқори даражада эканлигининг далолатидир.

         Қисқаси, ана шундай қулай географик ҳудудда жойлашган Янгибозор тумани ва янгибозорликлар ўзларининг шижоатли меҳнати, ғайрату интилишлари сабаб, ҳар бир соҳада нафақат вилоятда, балки республикада юқори натижаларга эришиб келмоқдалар.

 

               ТАРИХИНГДИР МИНГ АСРЛАР ИЧРА ПИНҲОН...

 

Янгибозор туманида гарчи қадимий ва бетакрор Хивадаги каби машҳур меъморий обидалар, Шовот туманидаги милоддан олдинги даврларга оид Катқалъа, Воянганқалъа, Боғот туманидаги Қалъажиққалъа, Ҳазораспдаги Сулаймонқалъа (Девсолган) сингари ўтмишнинг кўплаб сирларини бағрида жойлаган қалъалари бўлмасада, ўзига яраша тарихи бор.

Маълумки, ҳавони кўрмаймиз, аммо унинг борлигини нафас олишимиз туфайлигина сезамиз ва инкор қилмаймиз. Худди шунингдек, балки ўтмиш талотўплари, урушлар, жангу жадаллар сабабли сақланиб қолмаган обидалар ҳозирда йўқлигидан, бу ҳудуднинг бошқалар каби муҳташам тарихи бўлмаган ҳам дея олмаймиз. Негаки, Абу Райҳон Беруний (973-1048) ўзининг “Геодезия” асарида: “Хоразмликлар дарёнинг чап ва ўнг соҳили ҳудудларида 300дан зиёд қишлоқ ва шаҳарлар барпо қилганлар”,-деб ёзганди.

Балки Беруний таъкидлаб ўтган ва кейинчалик кўп маротабалаб дарё тошқини сабаб, сув остида қолиб кетган  шаҳарлардан бири, айнан, ҳозирги Янгибозор тумани ҳудудларида ҳам бўлгандир.

Масалан, машҳур ўзбек археологи Яҳё Ғуломов (1908-1977) ”Хоразмнинг суғорилиш тарихи” асарида ёзишича, улар 1936 йилда Гурлан туманида бўлганида, ушбу ҳудуднинг номи ўтмишда Хосминор бўлгани ва шу номдаги минора то 1900 йилларгача сақланиб қолганини аниқлаганди.

Х асрда Хоразмга келган араб сайёҳи Мақдисийнинг “Ахсан ат-тақосим фи маърифат ал Ақолим” асарида Дархос ёки Хос (Қўрғон қалъаси) аҳоли пункти Кат (ҳозирги Беруний) шаҳридан пастроқда, ундан бир манзил нарида, дарёнинг ўнг қирғоғида жойлашганини айтиб ўтган. Бу академик Яҳё Ғуломов аниқлашига кўра, ҳозирги Гурлан маркази ёки Гурланнинг ёнига тўғри келади.

Дархос сўзи эса форсчадан келиб чиққан бўлиб “Дар”эшик, “хос” кириш, ўтиш жойи, дарёдан ўтиш жойи деган маъноларни англатган.

         Маълумки, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” асарида  Хосминор деган  аҳоли  масканини учратиш мумкин. Яҳё Ғуломов эса негадир асарнинг қўлёзма манбасига таяниб:” Асарда “Хосминор” сўзи кўп учрайди”,- дея ёзади.

Асарда шу минора орқали Хивадан Катга ўтганлар деса,  яна  бошқа бир жойда “1573 йилда Амударё ўз ўзанини ўзгартирганлиги ва Хосминорнинг юқорироғидан Орол денгизига қараб оқа бошлаган”ини таъкидлаб ўтган.

         Яҳё Ғуломов фикрича, Абулғозининг бу маълумотларидан Хосминор Катдан (Шайх Аббосдан, ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний туманидан) анчагина қуйироқда, аниқроғи, Гурлан ёнида, яъни дарё Катга бурилган жойда бўлганлиги кўринади. Гурлан пристани яқинида, Алибобо мозори ёнида катта минора қолдиқлари сақланиб қолганлигини тафаккурли қариялар яхши эслашади. Уни эса Хос минораси дейишган.

Дарё суви камайганда, сувдан унинг учи кўриниб турган. Сув тошган пайтларда бу ерда кема сузиши хавфли бўлган, чунки кўпинча кемалар сувда яширинган минорага урилиб кетган. Қадимдан шу ерда яшаган аҳолининг айтишига кўра, кемада сузувчи ўзбеклар бу минорани авлиё Алибобо кароматлари билан пайдо бўлган дейишади. Сўнгги йиллар, хусусан ХХ асрнинг 20-30 йилларида минора йўқ  бўлиб  кетган.

         Академик Яҳё Ғуломов фикрича, “афтидан Хосминор юқорида айтилган Хосминорга тааллуқли бўлса керак”. ХVI асрда, аниқроғи  1573 йилда дарё ўзанининг ўзгариши натижасида, олдингидек  Каспийга  эмас, Оролга қуйиладиган  бўлгани учун  Хосминор дарёнинг чап қирғоғида бўлиб қолади. Яъни, 1573 йилдан  олдин  Гурлан  дарёнинг ўнг  тарафида  эканлигида  Кат  билан  ёндош  жойлашган.

Шу боис ҳозиргача шоббозликлар (яъни Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани аҳолиси) ва  гурланликларнинг шеваси  бир  хил. Фақат Амударё оқимини ўзгартириб, Каспийга эмас, Оролга  қуйиладиган  бўлганидан  сўнггина  ҳар  иккала  қаъла  ўртасидан  Амударё  оқиб,  Кат  ва  Гурлан   ажралган,   ҳамда иккала ёндош қалъа  эндиликда  дарёнинг  чап  ва  ўнг  соҳилларида  бўлиб  қолган. Шу  боис    ХVI, XVII ва XIX асрларда энг катта кечув Хосминор атрофида, тахминан, ҳозирги Гурлан кечувида бўлганлиги  Баёнийнинг  “Хоразм тарихи” асарида  ёритилган.

Ҳаттоки, Низомиддин Шомийнинг ва Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарларида ҳам Амир Темурнинг Хосминор орқали дарё кечувидан ўтганлиги ёзиб ўтилган.

       Айтмоқчи бўлганимиз шуки, ўтмишда ҳозирги Гурланнинг номи Дархос, Хосминор бўлгани сингари, ҳозирги Янгибозор ҳудудида ҳам қандайдир қалъа бўлгани аниқ. Негаки, ҳозирда Чўболончи қишлоғида Тошқалъа номли ҳудуд, шунингдек, туманда Бўзқалъа номли қишлоқ бор. Яъни, бу ҳудудларнинг қалъа деб аталиши бежиз эмасдир. Қолаверса, Амударё тошқини сабаб кўплаб қалъаларнинг сув остида қолгани ҳам тарихий ҳақиқат.

       Маълумки, сўнгги икки-уч минг йиллар давомида Урганч шаҳрининг 4 маротаба (Гурганж, Журжония, Урганж, Кўҳна Урганч), Беруний  туманининг 5 маротаба (Фир, Хоразм, Кат, Шаббоз, Беруний), Гурланнинг 2 маротаба (Дархос,Хосминор)  номи  ўзгарганига тарих гувоҳ.

        Тарихий ҳужжатлардан маълумки, Хива хонлиги даврларида ҳозирги Янгибозор тумани ҳудудлари Қиёт-Қўнғирот ноиблиги дея аталган.

         Филология фанлари доктори Абдулла Ўрозбоевнинг тадқиқотларига кўра, “ Огаҳийнинг тарихий  асарларида Нойиблик мансаби наёбат сўзи билан ифодаланади: ... наёбат мансаби била сарафроз қилиб... Асарда Ноиб // нойибنایب вазирнинг ёрдамиси[1].  “Риёз уд-давла”да ушбу мансаб номи қўлланилган ўринлар нойиб “хон томонидан бирор маъмурий ҳудуд бошқарувига масъул қилиб тайинланган шахс” маъносини беради” ( “Огаҳийнинг тарихий асарлари лексикаси”.Тошкент-2013йил,”Муҳаррир нашриёти”,36-бет).

       Тарихдан аёнки, “Қиёт” ва “Қўнғирот”  92 ўзбек уруғлари номи. Ҳозирда туманда Ширинқўнғирот (Ширин ҳам ўзбек уруғи номи), Дўрмон (Қаландардўрмон, Оёқдўрмон) номи билан боғлиқ қишлоқлар мавжуд. Ўзбек уруғларининг Хоразмга келиб ўрнашиши Шайбонийхон билан боғлиқ бўлиб, 1495-1510 йилларга бориб тақалади. Яъни, айнан шу даврларда қайсики ўзбек уруғи Хоразм заминига келиб ўрнашиб, шу ҳудудни ватан тутсалар,  улар яшаган замин шу уруғ номи билан аталган. Шу боисдан ватанимиз ҳудудларида Дўрмон, Нукус, Қиёт, Қўнғирот, Ширин, Жалойир, Сахтиён, Қангли, Қатағон  сингари 92 ўзбек уруғлари номи билан топонимикага айланган қишлоқ ва туманлар, шаҳарлар бор.

Янгибозор туманида юқоридаги каби қишлоқ номлари билан бир қаторда, милоддан олдинги даврларда Хоразм заминида яшаб, кейин Шимолий Кавказга кўчиб кетган қадимий уруғ номлари-“олон”лар номи қайд этилган Боғолон, Чўболончи каби машҳур қишлоқлар мавжуд.

Ана шу икки қишлоқ номи ва уларнинг “олонлар” билан боғлиқлиги эса ҳозирги Янгибозор ҳудудларининг ҳам тарихи милоддан олдинги даврларга бориб тақалишини кўрсатиб турибди.

Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида, “Амударё ўз оқимини ўзгартириши ва кўп жойларни сув босиб кетиши билан хоразмликларнинг бир қисми Хазар (Каспий денгизи.Ушбу денгиз ўтмишда Олон денгизи ҳам деб номланган) денгизи қирғоқларига кўчдилар”, - деб ёзганди.

Эронлик олим Ричард Фрай “Эрон аҳолиси” асарида эса: “Олон ва Ос уруғи шимолий Кавказга Хоразмдан кўчиб боришганлигини” ёзиб ўтган. Академик Яҳё Ғуломов бўлса “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” асарида “Олон ва Ос уруғларининг тили Хоразм тили билан бижаноқ тили аралашмасидан иборат”лигини таъкидлайди.  ХХ аср бошларида яшаб ўтган Қозон шаҳрилик тарихчи Ҳасан Ато Абуший “ Туркий қавмлар тарихи” асарида массагетлар, хусусан, уларнинг машҳур маликаси Тўмариснинг аждодлари олонлардан бўлганлигини ёзганди. Шу ўринда ҳозирги Россия федерациясидаги осетинлар ўзларининг келиб чиқишини олон ва ос уруғларга боғлаши оммавий ахборот воситаларидаги материаллар орқали маълум.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов “Ўзбегим” қасидасида “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим”,- дея ёзганидек, Янгибозор тарихининг ҳам ўтмиши минг асрлар олдинги-милоддан олдинги олон, ос уруғларига бориб тақалиши ҳақиқат...

Орадан асрлар ўтиб... Хива хонлиги даврида ҳозирги Янгибозор тумани ҳудудлари Қиёт-Қўнғирот ноиблиги дея аталарди. Яъни ушбу ҳудудларда хонликнинг ўзига яраша бошқарув тузилмаси бўлган. Ўзбекистон Миллий Архивида сақланаётган (И-125-фонд,1-рўйхат,526-537 ишлар,26-30 варақлар)ҳужжатда 1900 йилда Қиёт Қўнғиротда 25 минг хонадон бўлиб, ҳар бир хонадонда ўртача 7 кишидан яшаётгани, ноибликнинг ер майдони 65 минг танобдан иборатлиги ёзилган. Ушбу ҳужжатда яна Қиёт-Қўнғиротда ўзбек, сарт, араб, форслар яшаётгани қайд этилган.

Қиёт-Қўнғирот ноиби эса 60 ёшли Абдулла эшон Маҳмудбеков эканлиги, у 30 йилдан бери ушбу элни бошқараётгани ҳам архив ҳужжатида ёзиб ўтилган.

...Маълумки, ноиблик 1920 йилда Хива хонлиги  тугатилганидан сўнг маъмурий бошқарув тузилмаси сифатида 1921 йилда тугатилган. Хоразм Халқ Республикасига оид архив ҳужжатларида Қиёт-Қўнғирот 1921-24 йилларда волость сифатида қайд этиб ўтилади. Яъни бошқарувда волость тузилмаси бўлган. 1924-26 йилларда Қиёт-Қўнғирот Гурлан уезди таркибидаги волость бўлган. 1926 йилдан ЎзССР да районлаштириш бошлангач, Қиёт- Қўнғирот Янги Урганч райони таркибига киритилган. Шундан кейинги совет даврида ўтган йилларда ҳозирги туман ҳудудлари гоҳ Гурлан, гоҳида Урганч таркибига қўшилиб келган. Фақатгина 1930 йиллардан кейинги расмий ҳужжатлардагина ҳудуд номи Янгибозор тарзида келтириб ўтилади.

Ҳозирда Урганч  ва  Гурлан  туманлари  орасида  жойлашган  ушбу  туман  топономининг  номи  ҳам   “Янги”   ва  “бозор”  сўзларидан  келиб  чиққанлиги  аниқ. Маълумки, хоразмликлар   шевасида  “янги” сўзи ҳудудга нисбатан  ғоят  кам  айтилиб, “тоза”  сўзи  ишлатилади. Фақатгина  расмий  ҳужжатлардагина, айниқса, ХХ асрнинг 20-йилларидан сўнг “янги”  сўзи  қўлланилади. Шундан  келиб  чиқадиган  бўлсак,  бугунги  туман  маркази ҳудудларида   тоза  бозор  барпо  этилган  ва  ушбу  сўз  расмий ҳужжатларда  “Янги бозор” дея ишлатилганидан, топонимик объект номи-дастлаб қишлоқ, кейинчалик эса марказда жойлашган ушбу  қишлоқ туман  марказига  айланган.

Профессор Абдуғофур Набиев ҳам ўзининг “Тарихий ўлкашунослик” номли монографиясида (Тошкент-1995 йил “Ўқитувчи” нашриёти, 243-бет) ҳам айнан шунга ўхшаш фикрни билдиради: “Янгибозор аҳолисининг савдо-сотиқ ишлари фақат қалъа бозорида бўлган, сўнгра чекка қишлоқларнинг бирида тўпланиб, савдо-сотиқ ишларини олиб борганлар. Қалъа бозори билан бу бозорни бир-биридан фарқ қилиш учун қишлоқ бозорига “Янги бозор” деб ном қўйишган. Шу-шу бўлиб, қишлоқнинг номи “Янгибозор” бўлиб қолган”.

Туман ташкил қилинганида эса ушбу қишлоқ, айнан, туманнинг ҳар иккала чеккасига нисбатан - Уйғур ва Боғолон қишлоқлари ҳудудларидан келиб чиққан ҳолда марказда жойлашгани учун ҳам, Янгибозор туман маркази қилиб белгиланган ва туман номи ҳам, айнан, Янгибозор деб аталган.

 

 

[1] Будагов Л.З. Сравнительный словарь турецко-татарских наречий. Том I. – СПб. 1869. – С.280. 

 

Март 04, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 516 марта