Абу Абдуллоҳ Муҳаммад абн Мусо ал-Хоразмий


Қадимий Хоразм Шарқда илм-фаннинг ривожланишида жуда катта ўрин тутган. Тарихчиларнинг тасдиқлашларича, Хоразмда аниқ фанлар - геометрия, тригонометрия, астрономия, топография, кимё, минерало­гия ва бошқа табиий фанлар ВИИИ—ИХ асрлардаёқ юксак даражада тараққий этган. Геогра­фик билимларнинг юксак даражада бўлиши ва жамланиши хоразмлик савдогарларга узоқ мамлакатларга саёҳатларга бора олиш имконини берган. Хоразм араб халифалиги таркибига киргач, хоразмлик олимлар ўз иқтидори ва қомусий билим даражасининг юксаклиги туфайли тез орада шуҳрат қозониб, бир қатор фанлар асосчилари орасида етакчи ўринга чиқиб олдилар.Хоразм илмий мактабининг илк кўзга кўринган намояндаси Муҳаммад Хоразмий бўлиб, у америкалик шарқшунос Д.Сартон таъбири билан айтганда «барча замонларнинг энг улуг математикларидан бири» эди.Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (қисқача Ал-Хоразмий) Хоразмда туғилган ва Бағдодда вафот этган. Олимнинг туғилган ва вафот этган йиллари аниқ маълум эмас. Аммо баъзи манбаларда Ал-Хоразмий 780 йилда туғилган ва 847 йилда вафот этган, деб тахмин қилинади. Қадимда яшаган бир қатор олимлар каби Ал-Хоразмий ҳам у ёки бу фан билан чегараланиб қолмай, қомусий илм соҳиби бўлган. Жумладан, олимнинг тарих математика, астрономия ва гео­графия соҳасида ёзиб қолдирган илмий мероси жаҳон илм аҳли томонидан дунё фани ривожига қўшилган бебаҳо ҳисса сифатида тан олинган.Ал-Хоразмийнинг хусусан, арифметика ва алгебрага оид асарлари Европанинг қатор тилларига кўп марта таржима қилиниб, унда келтирилган илмий далиллар математика фанида ва амалиётда кенг қўлланилган. Олим қолдирган ҳисоб-китобларнинг кўпчилиги ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Хусусан, Ал-Хоразмий номи лотинча китобларда Алгоритмус, Алгорисмус, Ал-Хоарисмус, Алкауресмус, Алхоҳаритмус ва ҳоказо шаклларда келтирилган бўлиб, бу ўз навбатида янги арифметика - алгоритмга асос бўлган. Франциялик шарқшунос олим Ж.Рейно 1849 йилда Европа мамлакатларида математикага оид турли даврларда чоп этилган асарларда келтирилган ушбу номлар аслида Хоразм илмий мактаби вакили Ал- Хоразмий номи билан бевосита боғлиқ эканлигини исботлаб берган.Ал-Хоразмий математикаси Ҳиндча саноқ ва шунга асосланган арифметик амаллар тизимининг ривожланишига замин тайёрлади. Олимнинг «Ал-жабр ва муқобала» деб номланган машҳур асарининг номидан янги «алгебра» термини пайдо бўлган ва у алоҳида фан сифатида ривожлана бошлаган.Хоразм ҳалифаси ҳам машҳур олим Ал-Хоразмийга алоҳида эътибор кўрсатган. Жумладан, Хазарияга юборилган элчилар орасида Ал-Хоразмий ҳам бўлган. Олим ушбу сафар натижаси улароқ ўзи борган юртларга оид географик маълумотларни усталик билан тасвирлашга муваффақ бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, Шарқий Европа географияси ва этнографиясига дойр дастлабки маълумотларга, айнан, Ал-Хоразмий асос солган. Кейинчалик бу маълумотлар шарқ мамлакатларида яратилган географик асарларнинг биридан-иккинчисига ўтиб, энг аниқ ва ўзгармас маълумот бўлиб қолган.Ал-Хоразмий илмий фаолиятида Бағдод шаҳрида ВИИИ аср охири ИХ аср бошларида Хорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун даврида ташкил этилган олимлар академияси - «Байт ал-ҳикма» («Донишмандлар уйи») катта роль ўйнаган. Бағдод Академиясида Ҳалифа Маъмуннинг топшириғига кўра, Ал-Хоразмий бошчилигида 70 дан ортиқ; олим жаҳоннинг ва осмоннинг батафсил тасвирини ўз ичига олган «Жаҳон хариталари», яъни дунё атласини тузиш устида фаолият олиб боришган. Бу хариталар йиғиндиси «Маъмун дунё харитаси», деб ҳам аталади ва манбаларга кўра, уни тузиш тахминан 840 йилда якунланган.

Ана шу хариталарнинг тузилиши муносабати билан ёзилган Ал-Хоразмийнинг «Сурат ал-арз» китоби ўз даврида жуда машҳур бўлган ва ундан нафақат бағдодлик олимлар, балки бирмунча узоқ мамлакатлардаги илм аҳли ҳам кенг фойдаланган. Китоб бир неча унлаб хариталар ва уларга берилган изоҳларни ўз ичига олиб, ҳаммаси биргаликда «Китобу сурат ал-арз» деб аталган. У «Ернинг қиёфаси китоби» ёки бошқача айтганда «География» маъносини ҳам билдиради.Мазкур асардаги изоҳларда дунёнинг турли қисмлари иқлимлар бўйича жойлаштирилган ва уларнинг георафик координаталари келтирилган. Ҳаммаси бўлиб 537 та энг муҳим жойнинг номи, жумла­дан, шаҳарлар, сўнгра тоғлар (203 ном), денгизлар ва оролларнинг номлари, охирида эса дарёлар алоҳида-алоҳида қилиб ёзилган. Китобда келтирилган жадвалларда «Ғарбий ташки денгиз» (Атлантика океани), «Қулзум денгизи ва Яшил денгиз» (Қизил денгиз ва Ҳинд океани) каби номлар учрайди. Шунингдек, асарда Азов денгизи, Нил дарёси ва уларнинг атрофидаги ҳудудларга изоҳ берилиб, бу ерларнинг харитаси ҳам келтирилган. Моҳият ва мазмунига кўра, мазкур асар катта бир атласга илова қилинган изоҳдир.

Ал-Хоразмий Хоразм ва Бағдодда ижод қилганини инобатга олсак, шу икки минтақа ўртасида қилган саёҳатлари натижалари олимнинг географик асарлари учун асос бўлган, деб айтиш мумкин. Олим ўз асарларида Ернинг ўлчамлари ҳақида ҳам баъзи маълумотларни келтирган ва бу ҳақда шарқ мамлакатларида яшаб ижод қилган географ олимларнинг асарларида қайд этилган. Жумладан, Ибн ал-Фақиҳнинг ёзишича, Ал-Хоразмий Ерни ясси, юзасининг умумий майдони 9 минг фарсаҳга тенг бўлиб, шунинг ўн иккидан бир қисмидагина одамлар яшайди, деб ҳисоблаган. Олимнинг маз­кур фикри ўша пайтларда Ер шакли ҳақида ҳукмрон бўлган тахминларга асосланган бўлиши мумкин, албатта.

Ал-Хоразмийнинг географик мероси арабшунос К.Наллино, чех олими Г.Мжик ва венгриялик тадқиқотчи К.Сегледи томонидан чуқур ўрганилган. Италиялик шарқшунос К.Наллино «Европадаги ҳеч бир халқ Ал-Хоразмий эришган ютуққа эришишга ва бундай асар яратишга қобил эмас эди», деб ёзган эди. К.Сегледи эса Хоразмий географиясига асосланиб, «Дунайбўйи мамлакатларининг Хоразмийча харитаси»ни қайта тузишга муваффақ бўлган.

Ал-Хоразмийнинг географик ғоялари бу фанни янги поғонага кўтариб, ИХ аср бошларидаги шарқда янги география фанининг яратилишига олиб келди. Ҳ.Ҳасановнинг ёзишича, 1894 йилда Ита­лия Фанлар академиясининг махсус комиссияси Ал-Хоразмийнинг «Сурат ал-арз» асарини ҳар томонлама текшириб, у ўз даврининг жуда қимматли қўлланмаси бўлганини ва умуман, географиянинг тараққиётига ижобий таъсир этганини тасдиқлаган. Ана шунга кўра, Ал-Хоразмийни нафақат буюк географ олим, балки шарқ географиясининг асосчиси, Испаниядан то Қашқаргача барча табиатшунос, географ ва сайёҳ олимлар тадқиқотлари йўналишларини белгилаб берган йўлчи йўлдуз, деб айтиш мумкин.


Март 05, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 526 марта