Янгибозор тумани ҳокими Ў.Қурбановнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича туман аҳолисига М У Р О Ж А А Т И

Аввало, шуни айтишни истар  эдимки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ўз номи билан ўзимиз яшаб турган ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш йўлида улкан дастур ҳисобланади.

Жорий йилнинг 1 мартидан Республикамизда “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади.

2022 йил баҳор мавсумида Янгибозор туман ҳудудида 838,0 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар экилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманда 12,2 км суғориш тармоқлари қазилади, 2 та ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланади ва қазилади, экилган кўчатларни парваришлашга жамоатчилик асосида 30 нафар киши ишга қабул қилиниб, кўчат экилган ҳудудларга бириктирилади.

Янгибозор туманда “Яшил ҳудудлар” салмоғини ошириш мақсадида 2022 йилда жами 3,9 гектар майдонда “Яшил боғлар” ҳамда 16,5 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари” ташкил этилади. Бугунги кунда бу бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Туман ҳудудида тупроқ шўрланиш даражаси ҳамда ер ости сув  сатҳининг нисбатан юқорилиги сабабли ташкил этилиши режалаштирилаётган “яшил майдонлар”да вилоят иқлимига мос дарахтлар асосан гужум, жийда, тўронғил, катальпа, япон сафораси, тут ва терак дарахтлари экилиши белгиланган.

Бугунги кунда чиқиндиларни қайта ишлаш, атроф муҳит тозалигини сақлаш дунё миқёсида глобал муаммога айланган. Ишлаб чиқаришнинг ривожланиши, аҳоли сони ошиши  туманимизда ҳам бу муаммога жиддий ёндошувни тоқозо этмоқда.

Бугунги кунда туманимиздаги 30 та маҳаллаларнинг барчаси санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинган.

Шу билан бигаликда, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хулосасига асосан Янгибозор тумани  “Жайхун” маҳалласидаги “Тоза худуд” ДУК Янгибозор туман филиалига қарашли марказий чиқинди ташиш полигони умумий майдони 5.0 гектардан иборат  бўлиб шундан 5.0 гектар майдондаги чиқиндилар рекультиватция қилиш ишлари якунланди.

Халқ таълими тизимидаги 33 та мактаб, 28 та мактабгача таълим тизимидаги муассасалар, 8 та соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар  69 та чиқинди контейнерлари билан таъминланади.

 “Халқимизда экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб” деган нақл бор. Шунинг учун  эндиликда кўчатларни фақат экиб кетиш эмас, уларни парваришлаш, суғориш тизимини яратиш талаб этилади. Яшил майдонларни суғориш учун ирригация тизимларини тозалаб талаб даражасига келтириш, зарур жойларда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилишимиз керак.

Аминманки, янгибозорликлар “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида фаол қатнашадилар. Кўчат экиш ишларини ҳар биримиз ҳавас билан бажариб, воҳамизни боғ-роғларга айлантириш, экологиямиз мусаффолигини сақлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Март 01, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 470 марта