Янгибозор тумани ҳокими Ў.Қурбановнинг байрам табриги

         Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни ана шу байрам билан чин қалбимдан муборакбод этиб, ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришга ижозат бергайсиз.
          Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.
         Ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

 

      Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!

 

Ҳозирги вақтда туманимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида опа-сингилларимизнинг 96 нафари раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. 9 нафари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда.
Ўнлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Жасорат”, “Шуҳрат”, “Халқ таълими аълочиси”, “Мўътабар аёл”  сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлган.

Осиё ва жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси  Уллижон Давлетова Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди. Ушбу юксак мукофот билан, қувонч ва эътибор билан барчангизни муборакбод қиламан.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Фанда энг яхши иннаватор”халқаро танловида фаол ижодкор Лобар Тураева ғолиб бўлиб, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, узоқ йиллар давлат ташкилотларида фаолият кўрсатган ва ҳозирда нафақада бўлган, Раъно Романова "Мўътабар аёл" кўкрак нишони соҳиби бўлди.

Бутун умри давомида деҳқончилик ривожига самарали ҳисса қўшиб, фермерликда ҳавас қилса арзийдиган натижаларга эришган, кўп йиллар давомида тракторчи, оддий ишчи, механик, табелчи, бригадир сифатида меҳнат қилган фидойи аёлларимиздан Солияжон Матяқубова, Норгул Ғаипова, Имсиной Маттиева, Оймонжон Холмуродова каби аёлларимиз пахта, бошоқли дон етиштириб, фермерликда ўзига хос тажриба ва маҳорат мактабини яратди. Шу саъй-ҳаракатлари туфайли давлатимизнинг кўплаб мукофотларига сазовор бўлди.

Шунингдек ўқувчи-қизларимиз орасида вилоят, республика олимпиада ғолиблари борлиги бизни қувонтиради.

Бугунги даврамизда ана шундай муҳтарама аёлларимизни, уларнинг давомчилари бўлган истеъдодли қизларимизнинг муносиб вакилларини кўриб турганимдан хурсандман.

                                                                Муҳтарам элдошлар!

          Ўтган 2021 йилда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аёлларга арзон уй-жойлар бериш тартибига асосан туманда 13 нафар хотин-қизлар уй билан таъминланди, уй-жойларининг бошланғич бадал пуллари “Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

       Шу билан биргаликда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитини яхшилаш, кўмаклашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1567 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланди, 257 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 256 нафарига тадбиркорлик қилиш учун кредит олишда амалий ёрдам берилди.

 

Азиз тадбир иштирокчилари!

 

      Бутун мамлакатимиз бўйича замонавий лойиҳалар асосида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ” дастури муҳим аҳамиятга эгадир. Бу аввало аёлларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг кайфияти, дунёқарашини юксалтиришга жуда катта ижобий таъсир кўрсатадиган дастурдир. Ана шундай дастурлар асосида йўллар, таълим ва тиббиёт, маданият, спорт масканлари, уй-жойлар янгиланмоқда. Минглаб замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда.
        Азиз опа-сингиллар!

        Сўзимнинг охирида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

       Оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар!
Нега деганда, аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.

      Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.
     Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!


 

 


Март 08, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 489 марта