ДАЪВО МУДДАТИ

Ҳуқуқи бузилган шахсларнинг даъволари юзасидан уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш қонун билан белгиланган даъво муддатлари ҳуқуқий муносабатнинг иштирокчиларига ва мазмунига қараб умумий ва махсус муддатларга бўлинади. Махсус даъво муддатлари фақат қонунларда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллардагина қўлланилади. Даъво муддатини тўғри ҳисоблаш учун унинг қай вақтда тугашини белгилаш зарур. Даъво муддатининг тугаши даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошланади. Бундай ҳуқуқ, яъни даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Даъволарнинг турларига қараб даъво муддати ўтишининг бошланиш пайти бир хил бўлмайди, жумладан, бажариш муддати кўрсатилган мажбуриятлар бўйича даъво муддатининг ўтиши учун шу кўрсатилган бажариш муддатининг охирги кунидан кейинги кундан бошланади. Бажариш муддати кўрсатилмаган мажбуриятлар бўйича даъво муддатининг ўтиши мажбуриятларнинг вужудга келган пайтидан бошланади. Бировга зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича даъво муддатининг ўтиши жабрланган шахснинг ўзига зарар етказилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан бошланади.

Баъзи даъволар бўйича даъво муддати ўтишининг бошланиши тўғрисида махсус қоидалар белгиланган. Қонунларга асосан даъво муддатининг ўтиши узлуксиз давом этади. Аммо баъзи ҳолларда даъво муддати давом этиб турганда, даъво қилиш учун объектив – ҳалақит берадиган биронта ҳолат содир бўлиши мумкин. Бундай даъво муддатининг ўтишини тўхтатадиган ҳолатлар қонунда белгиланган бўлиб, даъво қилиш учун муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган фавқулодда ҳодиса (енгиб бўлмас куч) тўсқинлик қилса, мажбуриятларни бажаришни кечиктириш (мораторий) тўғрисида Ҳукумат қарори бўлса, агар даъвогар ёки жавобгар ҳарбий ҳолатга ўтказилган Қуролли Кучлар, чегара қўшинлари ва ички қўшинлар таркибида бўлса, агар муомалага лаёқатсиз шахснинг қонуний вакиллари бўлмаса, тегишли муносабатларни тартибга солувчи қонун ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши тўхтатилган бўлса, даъво муддати ўтишининг тўхтайди.

Даъво муддатининг ўтиши юқорида кўрсатилган ҳолатлар даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида вужудга келган ёки давом этиб турган бўлса, муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Муддатнинг тўхтатиб турилишига асос бўлган ҳолат барҳам топган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади. Даъво муддатининг ўтиши юқорида кўрсатилган умумий асослардан ташқари яна махсус асослар бўлган тақдирда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин. Бундай махсус асослар қонунларда назарда тутилади. Даъво муддатининг ўтиши белгиланган тартибда даъво қўзғатилиши билан, мажбур шахс қарзни тан олганлигини кўрсатувчи ҳаракатларни қилиши билан узилади.

Баъзи ҳолларда фуқаролар ва ташкилотлар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан қонунда белгиланган муддат давомида даъволарни қўзғата олмасликлари мумкин. Масалан, фуқаро касаллиги, кекса ёхуд вояга етмаганлиги, узоқ муддат давомида хизмат сафарида бўлганлиги сабабли ёки жавобгарнинг қаерда бўлиши номаълум бўлган ва бошқа баъзи ҳолларда ўтказилган даъво муддатлари суд томонидан узрли деб топилиши мумкин. Даъво қўзғатилгунга қадар даъво муддатининг ўтиши даъвони рад қилиш учун асос бўлади. Бинобарин, даъвогар (ҳақдор) ўз ҳуқуқини мажбурий равишда амалга ошириш имкониятини йўқотади.

Бундан ташқари қонунчиликда Даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиб, жумладан шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига; фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга. Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади; жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга; мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бу бузишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса бартараф этиш ҳақидаги талабларига; мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга; қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга даъво муддати жорий қилинмайди.

 

 

Хоразм вилоят

судининг судьяси                                                                             Ш.Джамолов


Май 17, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 395 марта