Харид чеки бермасдан P2P ўтказмалари ноқонунийлиги тушунтирилди
Ҳар куни кундалик харажат ва бошқа тўловларни амалга оширганда бевосита ишлаб топилган пуллар сарфланади. Бу пайтда сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар касса чекида экс этади. Шундай экан мижоз харид учун чек талаб қилишга ҳақли, сотувчи эса уни тақдим этишга мажбур. Бу ҳар икки томоннинг манфаатларини тарозига тортиб тенглаштиради. Солиқ хизмати ходимлари томонидан бозорлар ва савдо мажмуаларида олиб борилган профилактик тадбирларда асосий эътибор шунга қаратилди.
Албатта, аксарият истеъмолчи маҳсулот сотиб олгач, харид чекини талаб қилмайди унутади ёки уни кераксиз деб ҳисоблайди. Айрим сотувчилар ҳам чекни тақдим этиш ҳақида ўйламайди. Бир қарашда оддий ва арзимасдек кўринган бу ҳолат аслида катта иқтисодий муаммоларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Билингки, савдода сотувчи сизга бундай чек бермаса, у давлатдан реал даромадини яшириш орқали, тўлаши керак бўлган солиқлардан қочиб келаётган бўлади.
Олиб борилган профилактик тадбирларда тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат ва виртуал кассалардан фойдаланиши ҳамда мижозларга QR-код ва фискал белгили чек тақдим этишлари мажбурийлиги, бундай чеклар пластик карта орқали ёки нақд пулда амалга оширилишидан қатъи назар харидорга берилиши шартлиги тушунтирилди.
Солиқ кодексининг 22-моддасига асосан Солиқ тўловчилар товарларни ёки хизматларни реализация қилишда харидорга чек тақдим этиши шарт. Тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланиши ҳамда мижозларга QR-код ва фискал белгили чек тақдим этишлари шарт. Бундай чеклар харид тўлов терминал орқали ёки нақд пулда амалга оширилишидан қатъи назар харидорга берилади.
Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон тўлов ташкилоти ва электрон тижорат платформалари (маркетплейс) орқали электрон фискал чек тақдим қилинади. Солиқ кодексининг 221-моддасига асосан назорат-касса машинасини қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, харидорга чек бермасдан товарларни реализатсия қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик солиқ ҳуқуқбузарлиги саналади ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади, - дейди Хоразм вилояти солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси бошлиғи Ромон Атажонов.
Сотувчи ва харидор ўртасида товар ёки хизматлар учун харид чеки бермасдан P2P ўтказмалари (бир жисмоний шахснинг картасидан бошқа жисмоний шахснинг картасига) орқали ҳисоб-китоб қилиш ноқонуний ҳисобланади!
Чек берилмаганлиги учун Солиқ мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” бўлими орқали шикоят йўллаш мумкин.
Шундай экан, сотувчилар назорат-касса машинасини қўлламасдан савдони амалга ошириб, харидорга чек бермасдан солиқ ҳуқуқбузарлигини содир қилишади. Қолаверса, белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга ҳам асос бўлади. Сотувчи харидорга харид чеки бермасдан бир жисмоний шахснинг картасидан бошқа жисмоний шахснинг картасига пул ўтказиши орқали ҳисоб-китоб қилиши ноқонуний ҳисобланади ва ушбу маблағлар “яширин иқтисод”га замин яратади.
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 300 марта