МУНОСАБАТ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ХОТИН-ҚИЗЛАРИМИЗ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҲИМОЯСИДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

Кундалик ҳаётда аёлларимизнинг оилада ҳуқуқлари камситилаётганлиги, уларга жабр кўрсатилаётганлиги, ҳатто тан жароҳатлари етказилаётганлиги ҳолатлари ҳеч кимга сир эмас. Амалиётда бу ҳолатлардан норози бўлиб мурожаат қилган аёлларимизга профилактика инспекторлари томонидан 30 кун муддатда ҳимоя ордерлари бериларди ва тазйиқ ёки зўравонлик қилган шахсга  нисбатан 30 кун чеклов ўрнатиларди. Қисқа муддат кутилган нажани бермаётганлиги, ойлар ва йиллар давомида йиғилиб келган низоларни бир ой муддатда бартараф этиш имкони йўқлиги, муаммо ўзининг ҳақиқий ечимини топмаётганлиги ўз исботини топди.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари  бу борада муаммони фақат ҳимоя ордери бериш билан бартааф қилиб бўлмаслигини, бу чора кутилган ижобий натижани бермаётганлигини, эри, қайнонаси, келини томонидан зўрлик ва тазйиққа учраган аёлларимизнинг мурожаатлари кўпайиб бораётганлигини ачиниб гапирдилар. 2021 йилда тазйиқдан ва зўравонликдан норози бўлиб 39000 нафар аёлларимизнинг мурожаат қилганлиги, 2020 йилга нисбатан мурожаатлар сони 2.5 баробарга кўпайганлиги, шу сабабли бундан кейин аёлларимизнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан таъминланиши, алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача белгиланиши таъкидланди. Аёлларимизнинг суд ҳимоясига олиши – бу ишончли давлат ҳимоясидир.

 Шунингдек, кейинги вақтларда эр-хотин, қайнона-келин ва бошқа оила аъзолари ўртасида келишмовчиликларнинг кўпайиб кетиши натижасида никоҳдан ажралганлар сони кўпайди. Бунинг натижасида моддий таъминотсиз қолган аёлларимизнинг алимент масаласида судга мурожаат қилиши табиий ҳол. Бу уларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқулари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси “Оила” кодексининг 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларга таъминот бериши шартлиги, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота(она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан асосан алимент ундирилиши белгиланган. Алимент ундириш тўғрисида суд қарорлари чиқарилиб, тегишли Мажбурий ижро бюроларига юборилса-да, алимент тўловчилар моддий шароитни, ишламаслигини важ қилиб алимент тўлашдан бўйин товлаётган,  уларни маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилаётганликлари билан ҳам масала ўз ечимини топмаётган, оқибатда вояга етмаган фарзандлар таъминотсиз қолаётган эди.

Ҳурматли Президентимиз ўз маърузаларида 290000 нафар оталарга нисбатан алимент ундириш юзасидан ижро ҳужжатларининг мавжудлигини, шундан 172000 нафари алимент тўлашдан бош тортиб келаётганлигини, бунинг натижасида алимент бўйича қарздорлик 115 миллиард сўмдан ошиб кетаётганлигини, бу ҳолатга муросаа қилиб бўлмаслигини таъкидлаб, унинг аниқ чорасини кўриш мақсадида янги тизим яратиш шартлигига  алоҳида эътибор қаратдилар. 

Шу боис 2022 йил 1 июлдан Мажбурий ижро бюросида “Алимент тўловлари” жамғармаси ташкил этиладиган ва унга дастлаб 50 миллиард сўм йўналтириладиган бўлди. Мазкур маблағлар уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган алиментларни тўлашга ажратилади ва кейинчалик бюро томонидан ундириб олинади.

 Видеоселектор йиғилишида  таълим тизимида хотин-қизлар учун бир қатор кенг имкониятлар берилиши аёлларимизни жуда қувонтирди.  Янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши (23 минг нафар қизларга 200 миллиард сўм), ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилиши,  ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилиши, ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилиши,  докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши,  2022 йилдан бошлаб ҳар йили мактаб ва коллежларни битираётган 20 минг нафар қизларни IT соҳасида ўқитиш бўйича ҳам давлат буюртмаси бўлиши, 2023 йилдан ушбу тизим чет тилларини ўрганиш йўналишида ҳам жорий этилиши албатта ўзининг самарали ижобий натижасини беради.

            2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаб бериш тизими яратилиши, бюджет ташкилотлари ходимлари каби энди, уларга ҳам 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилиши, ушбу мақсадлар учун, бюджетдан 2022 йилда 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1,7 триллион сўм йўналтирилиши, буларнинг барчаси аёлларимизнинг оилада ва жамиятда фаоллигини оширишга, ўз навбатида давлатимизнинг тараққий қилишига, келажак авлодларимизга обод ва озод ватан қолдиришимизга хизмат қилади.  

Матякубова Адиба,

        Халқ депутатлари Янгибозор

 туман Кенгаши Котибият мудири  .                                                     


Март 03, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 698 марта