Паҳловон Маҳмуд
Паҳловон Маҳмуд ҳақида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган. Шулардан бири: “Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганч мўғуллар томонидан вайрон қилинганидан кейин, унинг аҳолиси ҳар томонга тарқалиб кетган. Шу жумладан, Паҳлавон Маҳмуднинг онаси ҳам ҳомиладор ҳолида Хива атрофига этиб келиб, ҳозирги Қиёт қишлоғида ўғил туққан. Бу бола 15 ёшга этгач мард курашчи, машҳур паҳлавон бўлиб ном чиқарган. У узоқ мамлакатдаги бир подшони зўр паҳлавонларини энгган. Подшо хивалик паҳлавоннинг кучига қойил қолиб унга «Сенга нима керак бўлса сўрагин» – дебди. Паҳлавон Маҳмуд подшога: – «Менга бир ҳўкизни хоми (териси)га сиққан ватандошларимни озод қилиб беринг», деб жавоб қилибди. Подшо рози бўлибди ва ҳўкиз терисини келтиришни буюрибди. Паҳлавон Маҳмуд теридан ингичка тасмалар қирқиб олган ва уларни бир-бирига улаб узун камар (қўра) қилиб шунга сиққунча одамларни олиб Хивага жўнаган, у билан келган одамларни шаҳар ташқарисидаги Шихлар қишлоғига жойлаштирган, ҳозирги вақтгача қишлоқ аҳолисини кўпчилиги бу ривоят ҳақиқат, 1920 йилгача бўлган даврда қишлоқ аҳолиси Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида хизматда бўлишган деб айтишади. Мазкур афсона Паҳлавон Маҳмуднинг нақадар донишманд, буюк халқпарвар инсон бўлганини намойиш этади. Уни замонасининг илғор ва ҳур фикрли файласуф олими, катта истеъдод ва заковат эгаси, шоирлик мушоҳадаси жиҳатидан «Хоразм Хайёми» деб аташган. Бу бежиз эмас албатта. Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, Паҳлавон Маҳмуд шеърда ҳам, фалсафа ҳам Умар Хайёмнинг заковатли давомчисигина бўлиб қолмай балки форсий, туркий халқлар адабиётида ҳам Хайёмдан сўнг рубоий ёзишда унга тенг келадиган шоир бўлган эмас. Ҳатто Абдураҳмон Жомий, Навоий, Фузулий, Бобур каби буюк шоирлар ҳам ўз кучларини рубоийда синаб кўрсада, бу жанр улар ижодида иккинчи ўринда турган. Фалсафий ва бадиий ғоялар ривожлантирилиб Хайёмшуносликни юксак дарага кўтарган. Паҳлавон Маҳмуд шарқ адабиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Паҳлавон Маҳмудни шу даврда «Хоразм Хайёми», «Мозандоран йўлбарси» деб улуғлашган. У «Қитоли» –«жангчи» тахаллуси билан ғазаллар битган, «Канз ул-ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар хазинаси», 1303-04) номли асар ёзган, лекин асар ҳали топилмаган. Унинг теран мазмунли нафис ва ўйнақи, зўр санъаткорона рубоийлари «хайёмнома» руҳда эканлигини қаранг:
Дунё бамисоли бир заррин кўза,
Суви гоҳ ширину, гоҳ аччиқ бўза.
Э ғофил, умрингга бино қўйма кўп,
Қазои муаллиқ турар бош узра.
Бундай сатрларни ўқиган киши шоирнинг дунёқарашининг қудратини унинг инсонпарварлик туйғуларини ҳам сезади. Асли тасаввуф тариқатини пантеизм (ваҳдат ул мавжуд) оқимига мансуб Паҳлавон Маҳмуд инсоннинг ақлий ва ижодий имкониятларига юксак баҳо беради. Паҳлавон Маҳмуднинг тарихий таржимаи ҳолини тиклашда кўп хизматлар қилган, унинг ноёб рубоийларини нашрга тайёрланган Тўхтасин Жалолов шундай ёзади: –«Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, шоирнинг туғилиб яшаган даври Хоразм тарихидаги энг оғир мусибатлар келтирилган Чингизхоннинг қонли юришларидан кейинги 10 йилликларга тўғри келган шундай даҳшатли балоларни бошидан кечирган ватанда, унга этказилган катта жароҳатлар ҳали битиб улгурмаган бир даврда дунёга келган буюк забардаст шоирнинг қалби денгиз тўлқинларидек қайнаб қуюлганлиги кишини ҳайратда қолдиради».
Шоирнинг васиятига кўра, жасади ўзининг пўстиндўзлик устахонасига дафн қилинган. Уни кўп қиррали амалий ва ижодий фаолияти шунча зўр бўлганки, шоир вафотидан кейин узоқ вақт ўтмай катта авлиёлар қаторига киритилган, қабри эса зиёратгоҳга айланган. Паҳловон Маҳмуд жувонмардлик оқимига мансуд бўлган. Жувонмард – Оллоҳнинг номини тилидан қўймайдиган, ҳамиша тоат-ибодат билан шуғуланадиган киши бўлиши кераклиги «Футувватномаи Султоний» китобида қайта–қайта такидланади. Асар муаллифи Ҳусайн Воиз Кошифий пир-муридлик одоби, ҳирқа ва кулоҳ кийиш тартиблари, белбоғ боғлаш, қасамёд этиш удуми ва маросимлари ҳақида, футувватчиларнинг турли бурчлари, вазифалари, касб-кори хусусида гапиради. Асар савол-жавоб тариқасида оммавий китобхонларга мўлжаллаб тузилган.
Китобнинг «Учинчи фасл»ида томошо кўрсатувчи паҳлавонлар ҳақида шундай дейилади. Улар саккиз тоифадирлар: – «яъни кураш тушувчилар, тош ўйновчилар, лой ташувчилар, занбил кўтарувчилар, дарбозлар, гурзи кўтарувчилар ва зўрлар».
Кураш тушувчилар ҳақида. Билгинки, кураш одамлар кўп қизиқадиган ҳамда султонлар, шоҳларга мақбул бўлган ҳунарлардандир, бу иш билан шуғулланувчи кишилар ҳар қандай вазиятда тўғрилик ва комилликнинг қонунияти билан яшайдилар. Агар кураш тушиш илмми ёки амалми, деб сўрасалар, жавоб бериб айтгилки, амал билан зич боғлиқ илмдир. Ҳар ким ҳаётдан ниманидир ўрганади, бироқ унга амал қилмаслиги мумкин. Аммо кураш санъатида илмга амал қилмасликнинг иложи йўқ. Бас, шундай экан, бунда илм ва амал бир-бирини безайди, тўлдиради, бир-бирига мадад беради.
Агар кураш усталарининг одоби нечта деб сўрасалар, ўн иккита деб айтгил:
1. Устозининг ўзи пок зийнат ва нуқсон, иллатсиз одам бўлсин.
2. Шогирдларини покликка даъват этсин.
3. Шогирдларидан ҳеч нарсани қизғонмасин.
4. Шогирдларига мехрибон бўлсин.
5. Шогирдлар мол-мулкига таъмагар бўлмасин.
6. Ҳар бир одамни қобилиятига қараб таътил берсин.
7. Фириб-найранг, риё билан шуғулланмасин.
8. Ўз шогирдларига ёмонликни раво кўрмасин
9. Шогирдларидан биронтаси ёмон кураш тушса, жеркиб ташламасин, балки мулойимлик билан тушунтирсин.
10. Шогирдларига маъракада таълим бермоқчи бўлса, буни яширин ҳолатда қилсин, токи душман хабардор бўлмасин.
11. Дастур бўладиган кураш илмининг барча нозинларини муфассал билиши керак.
12. Ҳеч бир маъракада пири ва устозларини дуо билан хотирга олишни эсдан чиқармасин.
Худди шундай шогирдлар одоби ҳам 12 тадир. Агар кимники паҳлавон дейиш мумкин, деб сўрасалар, жавоб бериб, айтки: Бақувват, жусса – гавдали, ширин тилли, қўрқмас юракли, этук ақлли, сабрли, баркамол илмли, Доимий жудду жаҳд қилувчи, яъни ҳаракатчан, хуш аҳлоқ, ҳаромдан ҳазар қилувчи, сахий, ноз-неъмат дастурхони очиқ одам паҳлавонлик номига сазовор кишидир.
Паҳлавон Маҳмуд мақбараси вақт ўтиши билан кўпгина ҳукмдорлар томонидан азиз саналиб обод қилинган. Тарихий манбаларда мақбарага Амир Темур томонидан эшик ўрнатилгани ёзилади. Мақбара ичида Абулғозихон, Анушахон ва Арангхонларнинг қабри борлиги, улар ҳукмдорлик қилган даврларида ҳам шоир қабри обод бўлганлигидан далолат беради. 1701-1702 йилларда Хива хони Шониёзхон мақбарани янгидан қуради, бу даврдан бизга мақбарага кираверишдаги эшик ёдгор қолган. Эшикдаги ёзувлардан шу нарса маълум бўладики, мақбара 1702 йилда қурилган ва қудуқ ҳам қазилган, эшикда қуръон ояти, ҳадис ва шеърий тарихлар битилган, турунч, мадоҳил ва бошқа ислимий гуллар билан безатилган. Ҳозирги мақбара Муҳаммад Раҳимхон И (1806-1825) томонидан 1810 йилда Қўнғирот шаҳрига қилинган муваффақиятли юришдан сўнг қурила бошлаган ва унинг ўғли Оллақулихон даврида қуриб битказилган. Мақбара 3 қисмдан иборат. Қабрхона, хонақо ва йўлак. Мақбаранинг ғарбий қисмида жойлашган хонага Паҳлавон Маҳмуд дафн қилинган. Хонақони шимолий девори ёнида Муҳаммад Раҳимхон қабри жойлашган, унинг яқинига эса Хива хонлари Абулғозихон ва Анушахонларнинг қабр тошлари ўрнатилган. Йўлакда эса Оллақулихон дафн этилган. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси атрофи ХИХ аср охирига келиб Хива хонлари ва уларнинг яқинлари дафн қилинадиган хилхонага айлантирилган. Бино қурилишини ҳазорасплик уста Одинамуҳаммад Мурод бошқарган, уста катта-кичик жисмларни (сирли кошин) ягона меъморчилик иншоотига моҳирлик билан бирлаштира олган, циркор безаклар сағанани, ташқи гумбаз ва пештоқ қисмини безаб турарди, шу вақтда хоналарнинг ичи ганч сувоқ қилинган эди. 1825 йилга келиб Оллоқулихон (1825-1842) буйруғи билан қабрхона, яъни зиёратхонага ва хонақога циркор безак берилди. Худди шу даврда зиёратхона ва қабрхона гумбазлари ташқи томондан зангори-яшил циркор ғиштчалар билан қопланди. Мақбара пештоқининг баъзи кўчиб кетган кошинлари ўрнига ўзига ўхшатиб янги кошинлар ўрнатилди. Гумбазли далондаги бир хонанинг олд томони беш қиррали шаклга келтирилиб, Оллоқулихон сағанаси шу эрга қўйилган. Хона деворлари безакдор сирли кошинлар билан қопланди ва мис панжара ўрнатилган. Қурилиш ишларида хивалик усталардан Мулла Нурмуҳаммад уста Қаландар ўғли, Сўфимуҳаммад Ниёз уста Абдужаббор ўғли ва уста Абдулла «жин»лар ўзларининг нодир санъатларини кўрсатиб бера олишган. Катта хонақони (баландлиги 25 метрлик) тепасига усталар ислимий нақшлар билан бирга, безаклар орасидаги китобаларга Паҳлавон Маҳмуднинг 22 та рубоийларини, усталарнинг исмларини, ҳадислар, тарихларни ўзи ижод қилган форс тилида битганлар. Бундан ташқари қабрхонага кираверишдаги эшик тепасига шоирнинг ушбу рубоийси форс тилида битилган.
Уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ,
Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ.
Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ,
Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.
1910-1913 йилларда мақбаранинг ғарбий қисмида Хива хони Исфандиёрхон (1910-1918) онаси, ўзи ва ўғли учун қабрхона ва тўртта ҳужрадан иборат икки ошёнли қорихона бунёд қилдирган. Қурилиш ишларига уста Қурбонниёз бошчилик қилиб, қорихона қаршисига ўймакори устунли айвон қурилган. Паҳлавон Маҳмуд мажмуаси 1960 йилда уста Рўзмат Машарипов «Рўзмат арбоб» иштирокида катта гумбазнинг усти, қорихона ва айвон таъмирланиб, мақбарага қайта жон бағишланган. Ҳозирги вақтда бинода Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси, «Паҳлавон Маҳмуд жамғармаси» фаолият кўрсатмоқда. Иншоотнинг айрим жойлари таъмирталаб бўлганлиги учун 2007 йилда, айвон устунлари, йўлаклар, қудуқ атрофи ва унинг тепасидаги чиройли ошёнли ёғоч гумбаз, пештоқнинг баъзи тушиб кетган сирли кошинлари қайта таъмирланди.
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 697 марта