Пенсиялардан чегирмалар кўрсатиб ўтилган.

Пенсиялардан чегирмалар:

а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;

б) Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан — пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

Текшириш (ўрганиш) ўтказиш бошланган санадан аввалги уч йил ва ундан ортиқ даврда тайинланган ва (ёки) қўшимча тақдим этилган ҳужжатларга биноан қайта ҳисобланган пенсияларнинг текширилишига (ўрганилишига) ҳамда улар бўйича тўланган ортиқча суммаларнинг ушлаб қолинишига (ундирилишига) йўл қўйилмайди.

Пенсионер Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида ундирилади. Пенсиялардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш мумкин эмас.

Пенсиядан чегирмалар қилиш миқдори пенсионерга тўланиши лозим бўлган пулдан ҳисоблаб чиқарилади. Ҳар ойлик чегирмалар миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас. Ортиқча тўланган пенсия пули бўйича қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар пенсия тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли) қолган қарз суд тартибида ундирилади.

    Б.Акманов,

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

 Янгибозор тумани бўлими мутахасиси.                                           


Январь 06, 2023
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 413 марта