СИФАТЛИ ДЕФОЛИАЦИЯ - ЭРТАЧИ ВА МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИДИР

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари!

Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, фермер
ва деҳқонлар томонидан вилоят бўйича 1414  та фермер хўжалиги 63 минг гектардан ортиқ майдонларда чигит қадаб, машаққатли меҳнатимиз эвазига пахтадан мўл ҳосил йиғиштириб олиш палласида турибмиз.

Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, пахтадан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.

Сиз фермерларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида биргина август ойида Муҳтарам Президентимиз томонидан учдан ортиқ имтиёзлар ва имкониятлар яратиб берди. Жумладан,

-пахтани ўз вақтида, нобуд қилмай териб олиш учун фермерларга тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия ҳамда  ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг  10 фоизи қоплаб бериш;

- “Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармони билан эса фермер хўжаликларига экинларни жойлаштириш ваколатларини берилишига биз фермерлар лаббай деб жавоб бериш вақтиди келди десак адашмаймиз.

Халқимиз Сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.

Аслида бунинг замирида Сиз ва бизнинг фидойилигимиз орқали мамлакатимизнинг иқтисодиётига ҳисса қўшишдир. Шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиши керакдир.

Ҳиммати баланд миришкор фермерлар!

 Сентябр ойида бажариладиган ғўза дефолиацияси агротехник тадбирининг аҳамияти пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ғўза майдонлари ўз вақтида ва сифатли дефолиация қилинса ҳосил эрта пишиб етилади ва  ҳосилнинг эрта йиғиштирилиб олинишига шу билан бирга унинг асосий қисмини юқори навларда сотишга эришилади.  

Юқоридагидан келиб чиқиб, пахтадан юқори ҳосил олиш учун  сентябр ойида  ортиқча етиштирилган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, ғўза дефолиацияси тадбирига ҳар қачонгидан ҳам масъулият билан ёндошиб амалга оширайлик!

Катта меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни кузнинг ёғин-сочинига қолдирмай, тез ва сифатли йиғиб-териб олишда сентябр ойида амалга ошириладиган ғўза дефолиацияси тадбири пахтакорлар учун энг муҳим тадбирдир. 

Шу сабабли ғўза дефолиaциясини ўтказиш учун ғўза майдонларингизнинг ҳар бир контурини алоҳида ўрганиб,   ғўзаларнинг бир хил ривожланган ва биологик етилганлигига алоҳида эътибор берган ҳолда дефолиация ўтказишни сифатли ва ҳар бир туманнинг иқлим шаротларидан келиб чиқиб, белгиланган муддатлари, қўлланиладиган дефолиант турлари ва меъёрларини белгилашингиз муҳим аҳамият касб этади.

Аввало ҳар бир фермер хўжалиги  ғўза парваришида дефолиaцияси ойида бажариладиган қуйидаги агротехник тадбирларни кенгашиб бажарилиши лозим.

  биринчидан , муддатида ва сифатли ўтказилган дефолиация ғўза баргларини тўлиқ тўкилишини таъминлайди, қатор ораларидан шамол ўтиши ва кўсакларга қуёш нурининг кўпроқ тушиши натижасида барвақт пишиб етилиши ва очилишига қўшимча имкон яратилади. Пахта қисқа муддатда йиғиб-териб олинади, кейинги йил ҳосили дала ишларини тезлаштиради. Пахтанинг терим машиналари ёрдамида териб олинишига пухта замин яратади. Дефолиация ўз вақтида сифатли қилинса қўшимча 5 центнер ҳосилдорлик ошади, сифатсиз қилинса 5 центнер ҳосилдорлик камайишини унутманг.

 Иккинчидан, дефолиация самарадорлигига таъсир этувчи омиллардан бири бу ҳаво ҳарорати бўлиб, дефолиант ўзининг кимёвий хусусияти ва таъсир этиш механизмига кўра ҳароратга турли даражада талабчан бўлади. Бу йил қўллаш учун тавсия этилган дефолиант ҳавонинг суткалик ҳарорати 18°C юқори бўлганда ижобий самара бериб, ҳарорат пасайганда   дефолиант таъсир кучини тамоман йўқотади. Шунинг учун дефолиация қилишдан олдин соҳа мутахассисининг ҳаво ҳарорати тўғрисидаги аниқ башоратни олиб, препаратни қўллаш ва сепиш муддатларини тўғри белгилаб олиш зарур.

учинчидан,  дефолиация самарадорлиги уни кун давомида ўтказишга боғлиқлигини эътиборга олган ҳолда    куннинг иссиқ пайтида дефолиация сепиш ишларини амалга оширманг. Чунки бундай пайтда  сепилган дефолиантлар баргда сўрилмайди ва иссиқлик таъсирида тезда ҳавога парланиб кетиб, тадбир бесамар бўлиб қолади. Шунинг учун дефолиацияни куннинг салқин пайтларида, яъни эрталаб шудринг кўтарилгандан сўнг кундузги соат 11 гача ҳамда куннинг иккинчи ярмида соат 16 дан кечгача ўтказиш юқори самара беришини ёдингиздан чиқарманг.

тўртинчидан, тупроқ намлигининг ҳам дефолиация самарадорлигига жуда катта аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олган ҳолда  тупроқ намлиги чекланган дала нам сиғимига нисбатан 65-70% кам бўлмаслигига ёки трактор юрганда тупроқда унинг енгил изи қоладиган даражада бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратинг.

бешинчидан, Ғўзанинг 76 см якка қатор, 76х10 см қўшқатор, 90 см ва 60 см схемада экилганлигига, шунингдек, хорижий ғўза навларига дефолиантларни қўллаш меъёрларига алоҳида эътиборга олишингиз лозим.

олтинчидан, дефолиaциядан олдин дала четлари, суғориш ариқлари ва ўқариқлар ҳамда айланиш майдончаларини сифатли текислаш, дала атрофини 8-12 метр кенгликда десикaция қилиб, ғўза туплари йиғиштириб олиш ва дала четига чиқариш, тайёр бўлган майдончаларни техника воситалари ёрдамида текислаш ҳамда  ўқариқ ва суғориш  ариқларини кўмиш ва шундан сўнгина техникаларни далага киритиш зарур.

Шу билан бирга дефолиация тадбирларида барча эҳтиёт чораларини кўришингиз, яъни ишчи-ходимларингизни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни шахсий ҳимоя воситалари, қалин матодан тикилган комбинезон, резина қўлқоп, резина этик, респиратор ва ҳимоя кўзойнаги билан таъминлашингиз   ва уларнинг иш жойида овқатланиш, сув ичишларига асло йўл қўймаслик зарурлигини унутмаслигингиз зарур. . 

 

 

Ҳурматли фермер ва деҳқонлар!

 

 Ғўза дефолиацияси илмий тавсиялар асосида ўз муддатида ва сифатли ўтказилса,   барглар 85-90% зиёд тўкилиб, кўсаклар 90% очилади. Шунда пахта терими уюшқоқлик билан ўтказилиб, биринчи терим ҳосили салмоғи кўпаяди ва ҳосилнинг асосий қисми олий навларга топширилади. Натижада фермер хўжаликларида иқтисодий манфаатдорлик ҳам ортади.

Ҳар биримиз   ғўза дефолиациясини сифатли ва ўз муддатларида амалга ошириб пахтадан 50 центнер ҳосил олишга эришишга ҳамда Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий қилинган имтиёзлардан фойдаланишга чақирамиз.

Азиз фермер ва деҳқонлар!

Пахта йиғим-терими мавсуми олдидан шундай меҳнат кўтаринкилигини ташкил қилайликки, токи ҳар бир Ўзбекистонликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин. Бободеҳқон елкасидаги юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт ташвишига шериклик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш учун курашиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда   пахта йиғим-терими мавсумига пухта тайёргарлик кўришга ва пахта терими олдидан ўтказиладиган дефолиация тадбирига алоҳида эътибор қаратишингизга даъват этамиз!

 


Август 25, 2025
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 15 марта