Ҳоким ва ёшлар учрашуви

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорликда амалга ошириб келаётган “Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси Хоразм вилоятининг Янгибозор шаҳрида давом этмоқда. Ушбу глобал Ташаббус болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини тан олиш, бу орқали уларнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг ўз фаолиятини болалар ва ёшларга мос тарзда режалаштиришини, ресурсларни тақсимлашини, назорат қилишини қўллаб-қувватлайди.

             

            Таъкидлаш керак, “Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббусини амалга ошириш учун республикамизнинг 6 та шаҳри танлаб олинган. Унинг доирасида шу кунгача Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ҳолати бўйича комплекс таҳлил ўтказилди. 2016 йилдан бошлаб ёшларга оид давлат сиёсати ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди, бу, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг тўртинчи йўналиши ҳамда “2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да ўз аксини топди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, бу – очиқлик ва шаффофлик, қарорлар қабул қилишда ёшларнинг иштироки, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлигидир.

Сўнгги йилларда давлат раҳбарининг ташаббуси ва кўмаги билан ёшлар сиёсати бўйича 6 та қонун, 15 та фармони, 15 та қарор ва 2 та фармойиш қабул қилинди, шунингдек Ҳукуматнинг 39 дан ортиқ қарори ва 4 та фармойиши имзоланди. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди. Ёшлар билан ишлаш тўрт босқичда: маҳалла – туман/шаҳар – вилоят – республика даражасида яхлит вертикал бошқарув тизими асосида амалга оширилмоқда. Бунинг учун республиканинг барча маҳаллаларида фаолиятини бошлаган Ёшлар етакчилари иш олиб бормоқда.

Президентнинг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, ёшларнинг илғор ғоя, таклиф ва ташаббуслари билан яқиндан танишиш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ушбу вазифа асосида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ташкил этиб келинмоқда. Учрашувлар, бу – ҳокимият у ёки бу масала бўйича ёшлар иштирокида қарор қабул қилишга имкон берадиган маслаҳат механизмидир.

 

 “Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси ишчи гуруҳи томонидан барча тоифадаги ёшлар (ногиронлиги бор, кам таъминланган, оғир шароитда қолган, ишсиз, талаба, уюшмаган ёшлар, мактаб ёшдаги болалар) билан маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Натижада ёшларга оид устувор таклифлар аниқланди ва 2023 йил учун “Ҳаракатлар режаси”га киритилди.

Сентябрда барча танланган шаҳарларда ёшларга оид вазиятни ўрганиш ва илк баҳолаш ишлари олиб борилди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг ёшлар учун яратилган ўзига хос, турли шароитлари мавжудлиги намоён бўлди.

Ташаббус доирасида “Ёш маслаҳатчилар кенгаши” тузилди. Кенгашга ҳар бир ҳудуддан 8 нафардан фаол ёшлар аъзо қилинди. Ноябрда Кенгаш аъзолари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

 

Бугунги кунда ЮНИСЕФнинг "U-Report" платформасидан 30 дан ортиқ давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ёшлар билан мулоқот қилиш учун фойдаланиб келмоқда. Ташаббус доирасида ушбу платформа орқали сўровномалар ҳам ўтказилди. Сўровлар натижаларига кўра, янгибозорлик респондентлар шаҳарда болалар ва ёшлар учун ривожлантириш керак бўлган энг муҳим 5 та соҳани белгилади. Булар: таълим (33%), йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари (23%), спорт (10%), бўш вақтни сифатли ташкил этиш (10%), бандлик ва малака, касб бўйича ўқитиш - 7%. Респондентлар ўзлари танлаган соҳа ривожи йўлидаги энг катта тўсиқлар сифатида ускуна ва асбоб-анжомларнинг етишмаслиги (33% ўғил болалар, 23% қизлар), юқори малакали кадрлар етишмаслиги (13%) деб ҳисоблайди. 18 ёшгача бўлганлар эса соҳалар ривожига тўсиқ бўлаётган омиллардан бири бу – ёшлар фикрини ўрганмаслик деб ҳисоблайди. Янгибозорлик ёшлар ҳудудида йўл инфратузилмасини яхшилаш, истироҳат боғларида аттракционларни кўпроқ ўрнатиш, спорт майдончалари, тил ва IT курсларини кўпайтириш масалалари 2023 йил давлат дастуридан ўрин олишини исташади.

Учрашувда ёшлар вакиллари 2023 йил учун тузилган ёшларга оид Ҳаракатлар режасини ҳамда Ю-репорт сўровнома натижаларини мутасаддиларга тақдимот қилишди.

Ҳокимлик вакиллари ёшлардан олинган таклиф ва фикрларни келгуси иш режасига киритиш масаласини муҳокама қилишди.

“Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббуси ёшлар ва болаларни жараёнларга жалб қилиш учун бир қатор янги механизмларни таклиф этади:

- ёшлар ва болаларни манфаатини ҳимоя қилиш ва таклифларини юқорига етказиш имкониятига эга “Ёш маслаҳатчилар кенгаши” таркибига барча тоифадаги ёшлар вакилларини киритиш;

- жойларда “Тенгдош-тенгдошига” (Peer-to-peer) форматида ёшлар билан мулоқот ўрнатиш, муаммоларни ўрганган тарзда устувор таклифларни ишлаб чиқиш;

- маҳаллий хокимлик ҳамда бошқа қарор қабул қилувчи томонлар учун қулай ва оператив тарзда ёшларнинг таклиф ва фикрларини ўрганишга имкон яратувчи “Ю-Репорт” платформасидан кенг фойдаланиш.

            Учрашув якунида жорий этилган механизмлар ҳамда ёндашувларни доимий тарзда қўллаш ва келгусида бошқа ҳудудларда “Янгибозор модели” сифатида тадбиқ этишга келишиб олинди.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати


Декабрь 12, 2022
Муҳаррир: Umida Nurmetova
Кўришлар сони: 459 марта